027-005 Ана ўшаларга ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўргувчилардир. (Бу дунёда охиратдан умиди йўқлиги учун молу дунё, айшу ишрат, шаҳвату лаззат кетидан тушиб, ўзини ўтга-чўққа уриб, расво бўлади. Охиратда эса, қанақа азобларга дучор бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади.)
027-007 Мусо ўз аҳлига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда мен сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ келтираман», деганини эсла.
027-012 Қўлингни ёқангнинг ичига суқ, ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур. Фиръавн ва унинг қавмига қаратилган тўққиз мўъжиза орасида (бу бордир). Албатта, улар бузғунчи қавм бўлдилар».
027-014 Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол. (Улар бу мўъжизаларнинг нималигини жуда яхши билганлар. Аммо билиб туриб, зулм юзасидан, иймонни менсимасдан, кибр қилган ҳолларида инкор этдилар. Бу инкорнинг оқибати нима билан тугаши маълум ва машҳурдир.)
027-016 Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди. У: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди. (Ушбу оятдаги ворислик, илмга ворисликдир. Ота вафот этгандаги болаларнинг ворислиги эмас. Чунки Довуд алайҳиссаломнинг Сулаймон алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари ҳам кўп эди. Улар молу дунё масаласидаги меросда тенг ҳуқуқли эдилар. Аммо илм маъносидаги меросга фақат Сулаймон алайҳиссалом ворис бўлдилар. Шунинг учун ҳам «Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди» жумласидан кейин Сулаймоннинг алайҳиссалом «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди», деган сўзлари келмоқда. Сулаймон алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан қушларнинг тилини англаш илми берилганлигини барча одамларга эълон қилмоқдалар. Бу эълон фахр ва риёкорлик учун эмас, балки Аллоҳнинг неъматини эслаш маъносидадир.)
027-018 Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)
027-022 Кўп ўтмасдан у келиб: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим. (Сабаъ Арабистон ярим оролининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ана ўша мамлакатдан ўта муҳим бир хабар келтирганини айтди.)
027-023 Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. (Ўша Сабаъ юртида бир аёлни кўрдим. У аёл халққа подшоҳ экан. Аёлга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда ўша маликанинг катта тахти бор экан.)
027-024 Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Гап шу ерга келганда, энг муҳим хабар чиқди. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлган аёл ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу нотўғри йўл. Аллоҳнинг Пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларнинг бу хатоларини тузатишлари зарур. Шайтон лаънати улар қилаётган гуноҳ амалларни ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Агар шу ҳолларида юраверсалар, ҳидоят топмайдилар.)
027-029 У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди. (Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини айтмоқда.)
027-037 (Эй элчи!) Сен уларга қайтиб бор. Бас, албатта, Биз улар бас кела олмайдиган қўшин ила борурмиз ва у ердан уларни хору зор ҳолларида чиқарурмиз», деди.
027-039 Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор», деди. (Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга ҳам ишлатилади.)
027-040 Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки, у(Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди. (Уламолар «китобдан илми бор шахс»нинг кимлиги ҳақида кўп фикрлар айтганлар. У Тавротни, Исмул Аъзамни биладиган,Лавҳул Маҳфуздан хабардор эди, деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтмаганларидан кейин, ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор», деб айтибди, у ёғини ўзи билади, дейишимиз тўғридир.)
027-047 Улар: «Сендан ва сен билан бўлганлардан шумландик», дедилар. У: «Шумланишингиз (сабаби) Аллоҳнинг ҳузуридадир. Балки сизлар синалаётган қавмсиз», деди. (Биз «шумланиш» деб таржима қилган маъно ояти карима матнида «тоир», «тоййар» каби иборалар билан келган. Бу ибора қуш, қуш учириш маъноларини беради. Ўша пайтлар мушриклар бирор иш қилмоқчи бўлсалар, қуш учириб кўрар эдилар. Агар қуш ўнг томонидан учса, хурсанд бўлар ва ўша ишни бошлар эди. Агар қуш чап томонига учса, шумқадамлик деб ўйлар, хафа бўлар, шумланар ва у ишни қилмас эди. Кейин бориб-бориб бу ибора қуш учирмаса ҳам, бирор нарсанинг шумқадамлигини англатиш учун ишлатиладиган бўлиб кетган. Самуд қавми ҳам ўзларига «Аллоҳга ибодат қилинг» шиорини олиб келган, уларни Аллоҳга истиғфор айтишга, ундан раҳматини сўрашга чақирган Пайғамбарлари Солиҳдан алайҳиссалом шумланганларини айтишди.)
027-048 У шаҳарда тўққиз нафарли гуруҳ бор бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар. (Яъни, Солиҳ алайҳиссалом шаҳарлари Ҳижрда тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишарди.)
027-056 Унинг қавмининг жавоби: «Лут аҳлини юртингиздан қувиб чиқаринг, чунки улар покиза бўлишни хоҳлаган кишилардир», дейишдан бошқа нарса бўлмади. (Ифлосликка ботиб қолган бу қавм покликни масхара қилиб, покиза одамларни камситиш йўлига ўтди. Уларни дунёда ҳеч ким қилмаган ифлосликдан қайтариб, покланишга, инсон номига доғ туширмасликка чорлаган Аллоҳнинг Пайғамбари Лутни алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларни айнан покликлари учун юртларидан ҳайдаб чиқармоқдалар.)
027-058 Ва уларнинг устларига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг азоби қандай ҳам ёмон бўлди. (Ва жиноятчи Лут қавмининг устидан тош ёғдирдик. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар. Огоҳлантиришларга қарамай, жиноятда бардавом бўлганларнинг оқибати шундай бўлади.)
027-060 Ёки осмонлару ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган зотми? Бас, Биз у(сув) билан гўзал боғлар ўстирдик. Сиз ўзингиз унинг дарахтини ўстира олмас эдингиз. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар ўзлари тенглаштирадиган қавмдирлар.
027-061 Ёки ерни қароргоҳ этган, унинг узра анҳорлар қилган, унга тоғлар қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар. (Икки денгиз–денгиз ва дарёдир. Бирининг суви иккинчисига қуйилади, аммо аралашиб кетмайди: дарёнинг чучук суви шўр, денгизнинг шўр суви чучук бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ уларнинг ўртасига табиий тўсиқ тортиб қўйган.)
027-062 Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!
027-063 Ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан олийдир. (Одамлар доимо қуруқлик ва денгизда сафар қилиб келади. Кўзланган манзилларга етиш учун турли йўллардан юришади. Иложини қилиб, ўша жойни топиб боришади. Хўш, ўша сафарларда йўл топиш қобилиятини инсонга ким берди? Йўлни аниқлашда ёрдам берадиган ақл, кўз, қулоқни-чи? Турли белгиларга, юлдузларга, асбобларга қараб йўл топишни унга ким ўргатди? Сохта худоларми? Ёки Аллоҳ таоломи? Албатта, Аллоҳ таоло.)
027-064 Ёки аввал-бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадан яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган зот яхшими? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатингизни келтиринг», дегин. (Аслида, йўқ инсонни бор қилиб, аввал-бошда яратган ким? Бут-санамларми, жин ва фаришталарми, мушриклар худо деб юрган бошқа махлуқларми? Инсонни охиратда қайтадан яратадиган ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи.)
027-065 Сен:«Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар. (Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким — на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди.)
027-066 Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, улар ундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар ундан кўрдирлар. Кофирлар охират илмидан хабардормикин? Йўқ, била олмайдилар. Улар охират нима эканини билиш у ёқда турсин, охиратнинг бўлиш-бўлмаслигига аниқ ишонмайдилар. Балки у хусусдаги масалада кўрдирлар, ҳеч нарсани кўрмаслар.
027-072 Сен: «Сиз келишига ошиқаётган нарсанинг баъзиси ортингизга мингашиб олган, бўлса ажаб эмас», деб айт. (Яъни, ўша ваъдалар шундоққина ортингизда турибди, аммо сиз сезмаяпсиз, холос. Дарҳақиқат, ғайбни ким билади? Эҳтимол, беш дақиқадан сўнг азоб, қиёмат ёки қайта тирилиш рўй берар, эҳтимол, ундан кўпроқ ёки озроқ вақт қолгандир. Ким билади буни?! Аллоҳ таоло бу ишларни хоҳлаган лаҳзасида содир этишга қодир.)
027-081 Сен кўрларни залолатдан ҳидоятга солгувчи эмассан. Сен фақат мусулмон бўлган ҳолларида оятларимизга иймон келтирадиганларгагина эшиттира олурсан. (Кофирлар ўлик, кар бўлиш билан бирга, кўр ҳамдир. Сен, эй Пайғамбар, у кўрларни адашиб юрган йўлларидан қайтариб, тўғри йўлга ҳидоят қила олмассан.)
027-082 Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир. (Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз–қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.)
027-084 Токи улар келиб бўлгач, У зот: «Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқардингизми?! Уларни пухта англамай туриб-а? Йўқса, нима қилган эдингиз?» дейдир.
027-086 Биз сокинлик топишлари учун кечани, кўришлари учун кундузни қилганимизни кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун ибратлар бордир.
027-088 Тоғларни кўриб, қимирламай турибди деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат куни шундай даҳшатлики, кўзимизга энг салобатли, виқорли, мустаҳкам бўлиб кўринадиган улуғвор тоғлар ҳам жойидан кўчиб, титилиб, булутдай сузиб юради. Уларни кўрган одам, жойида турибди, деб ўйлайди, аслида эса, улар булутдек сузиб кетаётган бўлади.)
027-091 Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим.
027-092 Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим). Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин.
027-093 Сен:«Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.