025-003 У Зотдан бошқа, ҳеч нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган, ўзлари учун зарарга ҳам, нафга ҳам эга бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам молик бўлмайдиган «худо»лар тутдилар.
025-004 Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи уйдириб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар.
025-005 Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар. (Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки улар Муҳаммаднинг (с.а.в.) ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яъни, ўша афсоналар Муҳаммадга (с.а.в.) эртаю кеч айтиб турилади, дейдилар.)
025-006 Сен:«Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дегин. (Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот–Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.)
Табӓрака Ал-Лаҙӥ 'Ин Шӓ'а Җа`ала Лака Ҳайрӓан Мин Ҙӓлика Җаннӓтин Таҗрӥ Мин Тахтиһӓ Ал-'Анһӓру Ұа Йаҗ`ал Лака Қуҫӱрӓан
025-010 Агар хоҳласа, сенга ўшандан яхшироғини–остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларни ва қасрларни қилиб берадиган Зот баракотли ва улуғ бўлди. (Аллоҳ хоҳласа, бу нарсаларни истаган лаҳзада Пайғамбарига ато этиши ҳеч гап эмас. Лекин мақсад боғу роғ ва қасрлар эмас. Мақсад ҳамма нарсанинг холиқи Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир.)
'Иҙӓ Ра'ат/һум Мин Макӓнин Ба`ӥдин Сами`ӱ Лаһӓ Тағаййуžӓан Ұа Зафӥрӓан
025-012 Вақтики у уларни узоқ жойдан кўрганида, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитурлар. (Қиёмат соатини ёлғонга чиқарганларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган дўзах шу даражада даҳшатлики, у кофирларни узоқдан кўриши билан ғазаби тўлиб-тошиб, қайнаб ўкира бошлайди.)
025-014 Бугунги кунда бир ҳалокатни эмас, кўп ҳалокатни тиланглар! (Бир марта ҳалок бўлиб қутулиб кета олмайсизлар. Ҳали кўп ҳалок бўласизлар. Ўзингизча, ҳалок бўлсак, бу азоблардан қутулармиз, деб ўйламанглар.)
025-016 Уларга у ерда хоҳлаган нарсалари бор, абадий ҳолда қолурлар. Бу Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир. (Жаннатда тақводор мўминларга истаган нарсалари бор. Жаннатда нималар борлигини санаб адоғига етиб бўлмайди. Шунинг учун осонгина, истаган нарсалари бор, деб қўйилди.)
025-018 Улар: «Эй пок Парвардигор, Сендан ўзгани дўст тутмоқ биз учун ярашмас. Лекин сен уларни ва ота-боболарини (шунчалик) ҳузурлантирдингки, ҳатто улар зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлиб қолдилар», дерлар.
025-019 Батаҳқиқ, улар сизларни айтаётган нарсангизда ёлғончига чиқардилар. Энди (азобни) буришга ҳам, ёрдам олишга ҳам қодир бўлмассиз. Сиздан ким зулм қилган бўлса, унга азобни тортдирамиз.
Ұа Қадимнӓ 'Илá Мӓ `Амилӱ Мин `Амалин Фаҗа`алнӓһу Һабӓ'ан Манćӱрӓан
025-023 Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз. (Кофирларнинг бу дунёда қилган баъзи бир яхши амаларидан умидлари бўлиши мумкин. Аммо иймон бўлмаганидан кейин у ишлар ҳеч фойда бера олмайди. Қиёмат куни Аллоҳ таоло у амалларни ҳам тўзон каби сочиб юборади.)
025-029 Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир», дер. (Муҳаммаддан (c.а.в.) бошқага эргашганларнинг барчасининг ҳоли шу бўлади. Қуръон йўлидан бошқа йўлга юрган, Қуръондан бошқа дастурга амал қилганларнинг барчасининг ҳоли шу бўлади. Қиёмат куни уларнинг ҳаммасининг бу дунёдаги «дўст»лари ёрдамсиз ташлаб кетади.)
025-032 Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик. (Яъни, эй Муҳаммад, Биз сенинг қалбингни Қуръон билан собит қилиш, қувватлаш учун уни бўлак-бўлак ҳолда нозил этдик ва гўзал равишда дона-дона қилиб ўқиб бердик. Қуръон бирданига тушмасдан, бўлак-бўлак бўлиб тушар, ҳар ваҳий келганида Пайғамбарнинг (с.а.в.) қалблари қувватланар, кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшилар эди.)
025-037 Ва Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганларида ғарқ этдик ва уларни одамларга ибрат қилдик. Ҳамда Биз золимларга аламли азоблар тайёрлаб қўйдик.
025-038 Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги асрларни эсла. (Биз «қудуқ» деб таржима қилган сўз ояти каримада «расс» ибораси ила ифодаланган бўлиб, ичи маҳкамланмаган, нураб турган қудуққа айтилади. Ривоятларда келишича, ўша жиноятчи қавм қудуқ атрофида ўтирганларида, у қулаб, ҳаммалари ичига тушиб ҳалок бўлган эканлар. Баъзи тафсирчиларимиз, бу қавм Солиҳ алайҳиссалом қавми, десалар, бошқалари Шуайб алайҳиссалом қавмидир, дейдилар. Ибн Жарир Табарий эса, улар Ухдуд эгаларидир, деган эканлар. Улар ҳақида Буруж сурасида сўз юритилган.)
025-039 Улардан ҳар бирига мисоллар келтирдик. Ва уларни қириб битирдик. (Яъни, ўша ўтмиш асрлардаги барча жиноятчи қавмларнинг ҳар бирига ўрнак бўлсин учун мисоллар келтирдик. Улар ибрат олмадилар, ўзларини ўнгламадилар.)
025-043 Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми?! (Йўқ, албатта. Пайғамбарнинг вазифаси ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганларга вакил бўлиш эмас, балки Аллоҳдан келган амрларни кишиларга етказишдир.)
025-044 Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар. (Ушбу ояти каримада Пайғамбарга (с.а.в.) тасалли ва ҳавои нафсларини худо қилиб олган кофирларни ерга уриш бор.)
025-045 Роббингнинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми? Агар хоҳласа, уни жилмас қиларди. Сўнгра қуёшни Биз унга далил қилдик. (Ҳа, агар Аллоҳ хоҳласа, сояни жилмас қилиб, бир хилда, яъни, узаймай ҳам, қисқармай ҳам турадиган қилиб қўяр эди. Мисол учун ерни айланмайдиган қилиб қўйса, соя жилмай тураверар эди, биз эътибор бермайдиган соянинг ёйилиши ҳодисаси ортида Аллоҳнинг улкан қудрати турибди.)
025-053 У икки денгизни-буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир. (Барча уммонлар ва денгизлар шўр, дарёлар чучук. Дарёлар оқиб бориб сувини денгизларга, уммонларга қуяди. Аммо бу билан денгиз суви чучук бўлиб қолмайди, дарё суви шўр бўлиб қолмайди. Зотан, дарёларнинг суви ҳам денгиз ва уммонлардан буғланиб кўтарилган сувдан иборат.)
025-057 Сен: «Мен сизлардан бунинг учун ажр сўрамайман, фақат, ким хоҳласа, Робби томон йўл олишини (сўрайман)», деб айт. (Исломда эътиқод-динга кириш ёки унинг аъзолари сафида бўлиш учун тўланадиган бадал ёки солиғу мажбуриятлар йўқ. Хоҳлаган киши Аллоҳга томон йўл олсин. Унга иймон келтирсин, ибодат қилсин. Бошқалар эса, унинг йўлини тўсмасин.)
025-058 Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир.
025-059 У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. У Роҳмандир. Бас, ўша ўта Хабардордан сўра. (Ушбу маънолар эътиқод бобида ўта нозик ва ҳассос эканлиги эътиборидан уламоларимиз жуда ҳам эҳтиёткорлик билан баён қилишга ҳаракат қиладилар. «Олти кун» масаласига келганда, баъзилари, бу дунёнинг кунларига ўхшаш кунлар, Аллоҳ «бўл» деса бўлиб қолар эди-ю, лекин бандаларга шошилмай иш қилишни ўргатиш мақсадида шундай қилди, дейдилар. Бошқалари эса, «олти кун» қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизнинг кунларимиз осмонлару ер яратиб бўлингандан кейин, қуёш мажмуасидаги сайёралар низоми яратилгандан кейин вужудга келган тушунчалар, дейдилар. «Сўнгра» калимаси одатда «кейин» маъносидаги тартибни ифода қилади, бу оятдаги «сўнгра» эса, мартабани билдиради.)
025-063 Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир. (Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.)
025-068 Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. (Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса, ўзига хос одам ўлдиришдир. Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.)
025-070 Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир.
025-071 Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар. (Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир, тавба ҳам амалсиз бўлмас.)
025-075 Ана ўшалар сабр қилганлари учун «ғурфа» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар. (Араб тилида олий мақом хос хонани «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига, «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини беришган. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олий мақом хос хона, десак мақсадга мувофиқ бўлса керак.)