064-003 У осмонлару ерни ҳақ билан яратди. Ва қиёфангизни чиройли сувратда қилди. Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир. (Уламоларимиз «Осмонлару ерни ҳақ билан яратди» жумласини «Ҳикмат» билан яратди, деб тушунтирадилар. Осмондаги ҳисобсиз юулдузлар ва бошқа жисмлар, уларнинг бир-биридан маълум узоқликда ва қатъий тартибда жойлашиши, ҳали инсон илми етмаган кўпгина нарса ва ҳодисалар уларни ягона Аллоҳ яратганини тасдиқлайди.)
064-004 У осмонлару ердаги нарсаларни биладир. Сизлар сир тутаётган нарсани ҳам ва эълон қилаётган нарсани ҳам биладир. Аллоҳ кўкракдаги нарсаларни ҳам билувчидир.
064-006 Бунинг боиси шундаки, уларга Пайғамбарлари ойдин далиллар билан келардилар, улар бўлса, бизни башар ҳидоятга бошлайдими, деб куфрга кетардилар ва (ҳақдан) юз ўгирардилар. Ва Аллоҳ беҳожат бўлди. Аллоҳ беҳожат ва мақталгандир.
064-007 Кофирлар ҳеч қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Сен:«Ундоқ эмас, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинурсизлар. Бу иш Аллоҳ учун осондир», деб айт.
064-009 У сизларни «Жамлаш куни»га тўплайдиган кунни эсланг. У кун «тағобун» кунидир. Ким Аллоҳга иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Унда абадул-абад қолурлар. Бу улкан ютуқдир. («Жамлаш куни», Аллоҳ у куни аввалги ва охирги барча бандаларни жамлайди. «Тағобун» куни. Арабча «тағобун» «ғибн» сўзидан олинган бўлиб, баҳонинг пастлашини билдиради. Қиёмат куни кофирлар иймонни тарк қилганлари учун баҳолари пастлаб, дўзахга равона бўладилар. Яхши ишларни камроқ қилиб қолган мўминлар ҳам баҳолари пастлаб, жаннатнинг олий мартабаларига ета олмай қоладилар.)
064-011 Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Бандага Аллоҳнинг қозои қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқод доимо инсон хотирасида туриши керак. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида: «...Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди...», деганлар.)
064-015 Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор. (Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.)
064-016 Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг - ўзингизга яхши бўлади. Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир.