031-006 Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у(йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир. (Улар ҳикмат тўла Қуръони Каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини қабул қилмасдан, уларга бадалсиз тақдим этилаётган икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйинсунмасдан, қандайдир беҳуда сўзларни кўтариб юрадилар. Ҳа, ўша беҳуда сўзлар эгаси бўлиш учун молу мулкни, ҳаётни, зеҳн-заковатни, бутун имкониятларни сарфлайдилар.)
031-010 У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.)
031-012 Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик. («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига »ҳаким« лақаби қўшилиб зикр қилиши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, Ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.)
031-014 Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».
031-016 «Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.
031-019 Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.)
031-020 Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор. (Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.)
031-022 Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур. (Биз «ишончли арқон» деб таржима қилган маъно оятда «ал-урватул вусқо» деб келган. «Вусқо» ишончли дегани, «ал-урвату» деб эса, тоққа осилиб чиқиладиган арқонга айтилади. Демак, бу дунёда олий мақсадга эришиш баланд тоғ чўққисига чиқиш деб олинса, Ислом динини тутиш ўша чўққига чиқиш учун узилмайдиган, ишончли арқонни маҳкам тутишга ўхшар экан. Чўққига чиқмоқчи бўлган одам, энди арқондан кўнгли тўқ бўлаверсин. Бу ёғи ўзига боғлиқ, ҳаракат қилса, чўққига албатта чиқади. Шунинг учун аввал-бошдан унга иймон келтириб, у нозил қилган Қуръонга эргашавериш керак.)
031-029 Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингми?!
031-030 Бу, албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳақ, албатта, Ундан ўзга илтижо қилаётганлари ботил ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг юксак ва энг буюк зот эканидандир.
031-031 Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир.
031-033 Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин. (Бу кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто, ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.)
031-034 Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир. (Оятда Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, унинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмоқда.)