029-002 Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.)
029-003 Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.
029-012 Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: »Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик«, дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир.
029-013 Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар. (Оятдаги «юк»дан мурод гуноҳдир. Албатта, кофирлар гуноҳлари юкини кўтарадилар, шу билан бирга, ўз иғволари билан йўлдан урган одамларнинг гуноҳларини ҳам кўтарурлар. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар.)
029-014 Ва, батаҳқиқ, биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди. (Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозусида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлгани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур умрузоқлик оддий бир ҳол экани билинади.)
029-016 Ва Иброҳимни (юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Бундай қилишингиз, агар билсангиз, сиз учун яхшидир. (Иброҳим алайҳиссалом қавмларига илоҳий даъватни жуда содда қилиб тушунтирдилар. Аллоҳга ибодат қилинглар, бошқага эмас, Аллоҳдан қўрқинглар, бошқадан эмас, дедилар. Демак, қиладиган ҳар бир ишингиз Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлсин. Ҳар лаҳзада Аллоҳга тақво қилиб туринг. Ана шунда мақсадга эришасиз.)
029-019 Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. (Ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло турли мавжудотларни йўқдан бор қилаётгани кўрилади. Дунёда пайдо бўлаётган ҳар бир янги нарсани Аллоҳ таоло яратаётгани аниқ. Буни тушуниб етмоқ лозим. Ўша янги пайдо бўлаётган махлуқотлардан, мавжудотлардан энг кичигини, энг соддасини, энг оддийини ҳам одамзот ярата олмайди. Барча инсонлар тўпланиб уринсалар ҳам, бу ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Бу ҳам тажрибадан ўтган ҳақиқат. Инсон энди шу ҳақиқатни тан олиши лозимки, ана ўша барча махлуқотларни йўқдан бор қилган зотга уларни қиёматда яна қайта тирилтириш жуда ҳам осон. Чунки йўқдан бор қилган зотга борни қайтариш ҳеч гап эмас.)
029-020 Сен:«Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
029-022 Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас», деб айт. (Cиз ер юзида ҳам, кўкда ҳам Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Унга қайтиб боришингиз, жазоингизни олишингиз турган гап.)
029-023 Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор. (Ҳа, бу дунёда фақат кофиргина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Чунки у ўзининг кофирлиги туфайли Аллоҳ билан бўлган алоқасини узади. )
029-024 Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
029-026 Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди. (Яъни, Иброҳимга алайҳиссалом Лут иймон келтирди. Лут алайҳиссалом Иброҳимга алайҳиссалом жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳимга алайҳиссалом иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, Иброҳимга алайҳиссалом хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар. Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳимда алайҳиссалом ҳам, Лутда алайҳиссалом ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган.)
029-027 Биз унга Исҳоқни ва Яқубни бахш этдик ва Пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида бўладиган қилдик. Унга бу дунёда ажрини бердик. Албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.
029-030 У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди. (Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳишачи қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳимга алайҳиссалом фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.)
029-032 У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берамиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар.
029-033 Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. (Лутнинг алайҳиссалом Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лутни алайҳиссалом шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)
029-035 Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз. (Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг жиноятлари оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб кўрмоқда.)
029-037 Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.)
029-038 Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар.
029-045 Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни, тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбарга (с.а.в.) намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади.)
029-046 Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Оятда зулм қилмаган аҳли китоблар билан яхши, гўзал услубда мужодала қилишга амр этилмоқда. Аввало, зулм қилган аҳли китоблар ким эканини ажратиб олайлик. Аҳли китобларнинг зулм қилганлари хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлардир. Демак, улар билан яхши услубда мужодала қилишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир.)
029-047 Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз уларга китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. (Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин. Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса, айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.)
Ұа Мӓ Кунта Татлӱ МинҚаблиһи Мин Китӓбин Ұа Лӓ Таҳуҭҭуһу Бийамӥника ۖ 'Иҙӓан Лӓртӓба Ал-Мубҭилӱна
029-048 Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. (Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.)
029-051 Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмайдими?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.
029-052 «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У осмонлару ердаги нарсани билур. Ботилга иймон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар, ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир», деб айт.
029-053 Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур.
029-058 Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олимақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
029-060 Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризқга муҳтож бўлганида, уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос. Аммо ризқ топилмасдан, бирортаси очқаб ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.
029-061 Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган ва қуёшнию ойни ўз измига қаратган ким?» деб сўрасанг: «Аллоҳ», дерлар. Бас, унда қаёққа бурилмоқдалар?!
029-062 Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ризқини кенг қилиб қўядир ва хоҳлаганиникини тор қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир.
029-063 Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтирган ким?!» деб сўрасанг, албатта, улар: «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб айт. Йўқ! Уларнинг кўплари ақл юритмаслар. (Мушрикларга тиллари билан ўзларига қарши далил айтдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.)
029-067 Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилиб қўйганимизни билмабмидилар?! Ҳолбуки, уларнинг атрофида одамлар талон-тарожга учрамоқдалар. Улар ботилга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?! (Макка аҳли Ҳарами Шарифнинг ҳурмати сабабидан омонликда яшар эдилар. Ҳеч ким уларга тегмас, ҳатто ёмон қарамас, балки Ҳарами Шарифнинг юзидан уларни ҳам улуғлар, эҳтиром қилар эдилар. Ҳарамнинг чегарасидан ташқаридагиларни эса, хоҳлаганлар ўлдирар, хоҳлаганлар олиб кетиб, қул қилар ёки молу дунёсини тортиб олар эди.)
029-068 Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки ўзига келган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Кофирларга жаҳаннамда турар жой йўқмиди?!