006-006 Улардан олдин қанча асрларни ҳалок қилганимизни билмасларми? Ўшаларга ер юзида сизларга бермаган имконларни берган эдик. Осмондан устларига барака ёмғири юборган ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган қилиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик. («Аср» сўзи юз йиллик муддатни англатишини биламиз. Бу ерда ўша муддат орасида яшаган одамлар кўзда тутилмоқда. Инсон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолиб, ўтмишга ибрат ила назар солишни унутиб қўяди.)
006-007 Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар. (Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар, Қуръони Каримнинг оғзаки шаклда нозил бўлиб турганинг ўзи ҳам етар эди. Ҳақиқатни истаганлариданми? Йўқ, уларда бундай мақсад йўқ.)
006-009 Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари мушкуллаштирган нарсани уларга яна ҳам мушкуллаштирар эдик. (Кофир-мушриклар одам-Пайғамбарга ишонмай, уни тасдиқловчи фаришта ҳам тушишини даъво қилиб, ишни мушкуллаштирдилар. Шу билан бирга, улар фаришталар ҳақидаги тасаввурни ҳам, фаришталар–аёл, улар Аллоҳнинг қизларидир, деган ақида билан мушкуллаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг Пайғамбарликни тасдиқ этиш учун фаришта тушириш иддиолари қондирилса, улар учун мушкулот яна ҳам оғирлашган бўлар эди. Яъни, улар эътиқод қилганларидек, осмондан Пайғамбарни тасдиқлаш учун юборилган фаришта аёл сувратида бўлмас эди. Буни кўрган мушриклар фаришта бўлса, аёл бўлиши керак эди, бу ҳам бошқа бир нарса шекилли, деб турли хом хаёллар билан чалғир эдилар.)
006-012 Сен:«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» деб айт! «Аллоҳники», деб айт! У Ўзига Ўзи раҳматни ёзиб қўйган. Сизларни бўлишида шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ўзига ўзи зиён келтирувчиларгина, ўшаларгина иймон келтирмаслар.
006-014 Сен:«Аллоҳдан ўзгани валий-дўст қилиб оламанми? У осмонлару ерни яратгувчидир. У таом беради ва таомланмайди», деб айт. Сен:«Мен аввалги таслим бўлувчи бўлмоққа амр қилиндим ва менга ҳеч мушриклардан бўлмагин, деб айтилди», деб айт.
006-017 Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, унинг ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ. Агар у сени яхшиликка оладиган бўлса, бас, у ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу дунёда хоҳласа зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.)
006-019 Сен:«Қайси нарса энг катта гувоҳликдир», деб айт. «Аллоҳ», деб айт. У мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръонни, унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди. Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа худолар бор», деб гувоҳлик берасизларми? «Мен гувоҳлик бермайман», деб айт. «Албатта, У битта илоҳдир ва мен сиз келтираётган ширкдан покдирман», деб айт. (Аллоҳни қўйиб ўзларига ўзга валий тутганларга бошқа нарсалар ҳам гувоҳлик бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбаримизга (с.а.в.) гувоҳ ҳақида савол беришни амр қилди. Демак, баҳсли масалага Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳакам бўлди. Унинг Ўзи гувоҳ бўладиган бўлди. Унинг шаҳодати Қуръони Каримдир. Мазкур баҳсли масала ҳам унда бор. Демак, кимга ушбу Қуръон етиб борган бўлса, унга гувоҳ муқаррар келган ҳисобланади. Ушбу гувоҳга–Қуръонга амал қилмаса, унинг огоҳлантиришидан ҳушёр тортмаса, азобга дучор бўлади.)
006-025 Улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Биз уни фаҳмламасликлари учун қалбларига парда ва қулоқларига тўсиқ қилиб қўйдик. Барча оятларни кўрсалар ҳам, улар иймон келтирмаслар. Ҳатто олдингга сен билан тортишувга келганларида куфр келтирганлар: «Бу ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», дерлар.
006-031 Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. То тўсатдан қиёмат келиб қолганда, устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», дейдилар. Улар орқалаган нарса қандай ёмон-а!
006-032 Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми? (Дунё ва охират илоҳий мезон билан ўлчаняпти. Аллоҳнинг эътиборида бу дунё ҳеч нарсага арзимайди ва у дунёга солиштирганда ҳеч нарсага айланиб қолади.)
006-033 Сени, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар.
006-035 Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамларди. Ҳаргиз жоҳиллардан бўлма. (Ояти каримада Пайғамбаримизга, агар қодир бўлсалар, мушрикларни ишонтириш, иймонга келтиришга ярайдиган оят-мўъжизани ерни кавлаб кириб бўлса ҳам, осмонга шоти қўйиб чиқиб бўлса ҳам, келтириш таклиф этиляпти. Аммо кофирлар оят-мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётгани йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қиляптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари эса, бир оз қўрқитишга, яна бирлари тарғибот ишларига эҳтиёж сезади. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, шу қадар баҳона топаверадилар.)
006-038 Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар. (Ояти каримада ердаги ва осмондаги жонзотлар ҳам, инсонлар каби, умматлар экани таъкидланмоқда. Яъни, уларнинг ҳаётларида ҳам тирикчилик, оила, туғиш, кўпайиш сингари инсонларга хос ишларда ўхшаш жиҳатлар бор. Уларни ким бундай қилиб яратди? Уламолар мисол қилиб кўпинча асалари ва чумолини келтирадилар. Мутахассисларнинг фикри билан танишган одам бу икки умматнинг жамоа ҳаёти Аллоҳнинг қудратидан эканлигига тан бермай иложи йўқ.)
006-041 Йўқ! Фақат Унгагина дуо қиласиз. У эса, хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берадир. Сиз эса ширк келтираётган нарсангизни унутарсиз», деб айт.
006-042 Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган Бундан, шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган.)
006-046 Уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради», дегин. Биз оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишига назар сол.
006-048 Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар.
006-050 Сен:«Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман. Ғайбни биламан ҳам, демайман. Ва яна сизларга, мен фариштаман, ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт. Сен:«Кўр билан кўзи ўткир тенг бўла оладими? Ўйлаб кўрмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар (с.а.в.) меросхўрлари бўлмиш уламолар динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ни, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар.)
Ұа Лӓ Таҭруди Ал-Лаҙӥна Йад`ӱна Раббаһум Бил-Ғадӓати Ұа Ал-`Ашӥйи Йурӥдӱна Ұаҗһаһу Мӓ ۖ `Алайка Мин Хисӓбиһим Мин Шай'ин Ұа Мӓ Мин Хисӓбика `Алайһим Мин Шай'ин Фатаҭрудаһум Фатакӱна Мина Аž-Žӓлимӥна
006-052 Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма. («Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар (с.а.в.) бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбарнинг (с.а.в.) зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари–ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбарнинг (с.а.в.) ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар (с.а.в.) улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар.)
006-053 «Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?» дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларини баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми? (Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми–синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми–синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синалади.)
006-057 «Албатта, мен Роббимдан берилган аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар уни ёлғонга чиқардингиз. Сиз шошилтираётган нарса менда йўқ. Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У ҳақни аниқлайди. У ажрим қилувчиларнинг энг яхшиси», деб айт. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) даъватларини, эътиқодларини, амалларини «очиқ ҳужжатлар» асосида олиб бормоқдалар. Бу очиқ ҳужжатлар ердан чиққани йўқ, балки осмондан тушган. Мушрик-кофирларнинг эса, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар Роббиларини ёлғонга чиқариб қўйганлар.Мушриклар шошилтираётган нарса эса–талаб қилинган мўъжиза келгандан сўнг азобни тушириш. Бу иш Пайғамбарнинг илкидаги иш эмас. Унинг имкони ҳам йўқ, вазифасига ҳам кирмайди.)
006-058 Сен:«Агар сиз шошилтираётган нарса менинг ҳузуримда бўлса эди, мен билан сизнинг орангизда иш аллақачон битган бўлар эди. Аллоҳ золимларни яхши билгувчидир», деб айт.
006-059 Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир. («Очиқ китоб»дан мурод–Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам билади, дегани Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.)
006-060 У кечаси сизни вафот этдирар. У кундузи қилган касбингизни билар. Сўнгра белгилаган ажал тугал бўлиши учун У (кундузи)да сизни қайта тирилтирар. Сўнгра қайтиб боришингиз Унинг Ўзигадир. Сўнгра нима қилиб юрганингизнинг хабарини берар.
006-061 У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Қачонки бирортангизга ўлим келса, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирарлар.
006-063 Сен:«Сизни қуруқлигу денгизнинг зулматларидан қутқарадиган ким? Унга тазарруъ қилган ҳолда ва махфий ҳолда, агар мана шундан бизни қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлар эдик, дейдиганингиз ким?» деб айт.
006-065 Сен:«У сизга устингиздан ёки оёғингиз остидан азоб юборишга, турли фирқаларга аралаштириб юборишга, баъзиларингизга баъзиларингизнинг азобини тотдиришга қодирдир», деб айт. Оятларимизни қандай тасарруф қилишимизга назар сол. Шоядки англаб етсалар. (Кофир-мушрикларнинг устидан юбориладиган азобга Лут қавмига ва Фил эгаларига юборилган азобларни мисол келтирадилар. Оёқ остидан юбориладиган азобга Қорунни ер ютиши ва тўфон балоси мисол қилиб келтирилади. Одамлар фирқаларга бўлингандан кейин, ҳар фирқа аъзолари ўз фирқаларига таассуб қилиб, бир-бирига шафқатсиз равишда зулм ўтказишга, азоб беришга қаттиқ уринади. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар кўплаб бўлган ва ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.)
006-067 Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар», деб айт. (Кофирлар Қуръонни ёлғонга чиқармоқдалар. Аммо бу билан у ёлғонга айланиб қолмайди. Чунки ҳақиқий баҳо берувчи зот «Ҳолбуки, у ҳақдир», демоқда.)
006-068 Оятлармизни (истеҳзо қилишга) шунғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шунғигунларича улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг, золим қавмлар билан ўтирма! (Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса, ўша кофирлар мажлисда Аллоҳнинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) «золим қавмлар»–мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.)
006-070 Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У (Қуръон) ила эслатгин, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, Аллоҳдан ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга ва барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушиб қолмасин. Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир. Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир. (Ўз динларини ўйин қилиб олганлар, динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинни алдаб, ўйин-кулгу қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.)
006-073 У осмонлару ерни ҳақ ила яратган зотдир. «Бўл», деган куни бўладир. Унинг гапи ҳақдир. Дуд чалинадиган куни мулк Уникидир. У ғайбни ҳам, шоҳидни ҳам билувчи зотдир. Ва У ҳакийм ва хабардор Зотдир. (Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зот. Бу масала–ҳақ. Бошқа гап-сўз ёки тахминлар ҳаммаси бекор. Ушбуларни яратган Зот учун қиёматни қоим қилиб, ҳамма одамларни ўз ҳузурида жамлаб, ҳисоб-китоб қилиши ва мукофот ёки жазо бериши жуда ҳам осондир. Яъни, қиёмат куни. Дуд сурнайга ўхшаб чалинадиган асбоб бўлиб, ўша асбобни Исрофил (а.с.) чалганларидан сўнг қиёмат қоим бўлади. Шунинг учун ҳам қиёмат куни дуд чалинадиган кун деб ҳам номланади.)
006-074 Иброҳимнинг отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла. (Иброҳим (а.с.) соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Иброҳим (а.с.) отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди. Бу тушунчани уларнинг юзига очиқчасига айтди.)
006-075 Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатамиз. (Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз.)
006-077 Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди.
006-078 Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди.
006-079 Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (Бу иқрор Иброҳимнинг (а.с.) мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари,–ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани–фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.)
006-080 Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?
006-084 Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
006-086 Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. (Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ишорат билан, бошқа ўн саккиз Пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда. Иккинчи гуруҳда зикр қилинган Пайғамбарлар: «Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс»лар (а.с.) тарки дунё, зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада: «Ҳаммалари аҳли солиҳлардандир», ибораси ила васф қилинаётир. Зотан, ҳамма Пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт Пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.)
006-088 Ана ўша Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшани унга йўллайдир. Агар улар ширк келтирсалар, қилган ишлари, албатта, бехуда кетадир.
006-089 Ана ўшалар биз уларга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берган зотлардир. Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз.
006-090 Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамайман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос», деб айт. (Зикр қилинган Пайғамбарлар (а.с.) Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Аллоҳдан келган ҳидоят эса, доимо эргашиш зарур бўлган нарсадир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) иқтидо қилишлари лозим ҳидоят ҳам шу ҳидоятдир. Кишилар даъват қилинадиган ҳидоят ҳам шу.)
006-092 Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро ( шаҳарлар онаси )ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар. (Уммул Қуродан, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.)
006-093 Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, менга ваҳий келди, деган ёхуд, Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан, деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми? Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди. (Кофир мушриклар Пайғамбарни (а.с.) инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)
006-095 Албатта, Аллоҳ донни ҳам, данакни ҳам ёрувчи зотдир. У ўликдан тирикни чиқарадир ва тирикдан ўликни чиқаргувчидир. Ана шундай Аллоҳдир. Сиз қаёққа бурилиб кетяпсиз?!
006-096 У субҳни ёритгувчи зотдир. У тунни сукунат, қуёш ва ойни ҳисоб қилиб қўйди. Бу эса, ғолиб ва яхши билгувчи зотнинг ўлчовидир. (Тунни инсон, ҳайвонот, наботот ва жамодот олами учун ором олгувчи сукунат қилиб қўйган ким?! Нима учун сукунат фақат тунгагина хосдир? Хўш, буни ким қилди? Ўз-ўзидан бўлиши мумкин эмас-ку. Инсон ҳар куни тунга киради, унинг сукунатидан таскин топади, ором олади. Аммо, буни ким қилди, деб сўраб кўрмайди.)
006-097 У сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни қилиб қўйган зотдир. Биладиган қавмлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз.
006-098 У сизларни бир жондан яратган Зотдир. Бас, (у жон) қарор топадиган жойда (она раҳмида) ёки сақлаб қўйиладиган жой (ота сулби)дадир. Яхши англайдиганлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз. (Эркак бўлсин, аёл бўлсин, даставвал ҳаммаси ота сулбида сақланиб туради. Сўнгра она раҳмига–бачадонга ўтади, у ердан жой топади ва шундан кейин дунёга келади. Бу ишни ким қилади? Албатта, Аллоҳ таоло қилади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Агар бирор зот қила олса, айтсин! Албатта, инсон ўзидан-ўзи дунёга кела олмайди. Ушбу ҳақиқатни ўйлаб кўрган ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг биру борлигига қоил қолмай иложи йўқ. Фақат, бу оддий ҳақиқатни англаш учун фаҳм керак, онг керак, холос.)
006-099 У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у(сув ) ила турли набототлар чиқардик: Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир.
006-100 Улар жинларни Аллоҳга шерик қилдилар. Ҳолбуки, у ҳаммаларини яратган зотдир. Илмсиз ҳолда унга ўғиллар ва қизлар ясадилар. У улар васф қилган нарсалардан пок ва олий бўлди. (Жинларда инсонлардан бошқача–ғайри табиий баъзи сифатлар борлигини билгач, уларда илоҳий сифатлар бўлса керак, деб гумон қилдилар ва Аллоҳга ширк келтирдилар. Ислом ақидасидан ўзга ақидаларда ушбу нарса бор, десак муболаға бўлмайди.)
006-101 У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. Унинг хотини бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У ҳамма нарсани Ўзи яратди ва У ҳамма нарсани яхши билгувчидир.
006-102 Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. У ҳар бир нарсанинг Яратгувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинг. У ҳар бир нарсага вакилдир!
006-103 Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва хабардор зотдир. (Аллоҳ кўзларни бу дунё ашёларини кўриш учун яратган. Шу вазифаларини бажарадилар, холос. Аммо имконларидан ташқари нарсани бажаришга қодир эмаслар. Кўзлар маълум масофадаги нарсаларни кўради. Ундан узоқдагисини кўра олмайди. Бу эса, ўша маълум масофадан наридаги кўзга кўринмаган нарса йўқдир дегани эмас. Балки кўз уни кўра олмаганидандир.)
006-104 Сизга Роббингиздан «кўз очувчи»лар келди. Кимки кўрса, ўзига яхши. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зарар. Мен сизларга қўриқчи эмасман. (Биз «кўз очувчи»лар деб таржима қилган сўз Қуръони Карим истилоҳида «басоиру», деб келган. У «басийра» сўзининг жамъи бўлиб, бир нарсани кўриб, уни англаб етишга далолат қилувчи ҳодисага айтилади. Аллоҳ Ўзининг биру борлигига, Пайғамбарининг ва динининг ҳақлигига далолат қиладиган «кўз очувчи» нарсаларни юбориб қўйганини айтмоқда.)
006-109 Улар агар бирон оят-мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида Аллоҳнинг номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар. Сен: «Албатта, оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузурида», деб айт. Сизга нима билдирди? Эҳтимол оят келса ҳам, улар иймон келтирмаслар.
006-112 Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй! (Аллоҳ таоло Ўз хоҳиши билан ҳар бир Пайғамбарга инсий ва жинний шайтонларни душман қилиб қўйган экан. Жин шайтонлар одамларни иғво қилиб, васвасага солиб, залолатга чақириб турадилар. Аммо Аллоҳнинг зикри бор жойдан қочадилар. Аллоҳни эслаб турадиган мўмин-мусулмон кишига улар ўз таъсирларини ўтказа олмайдилар. Аммо одамдан бўлган шайтонлар эса, ҳамма-ҳаммасидан бадтаридир. Улар доимо орамизда, кўзларимиз ўнгида туради. Аллоҳнинг зикрини қилсанг ҳам, қочмайди. Турли йўллар билан васваса қилиб, гуноҳ ишларга бошлайди. Инсу жин шайтонлари доимо ғавғо ва туғён билан машғулдирлар.)
006-114 Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми? Ҳолбуки, У сизга китобни батафсил этиб нозил қилди. Биз уларга китоб берганлар уни Роббингдан ҳақ ила нозил қилинганини биладилар. Бас шак келтирувчилардан бўлма.
006-116 Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос.
006-119 Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган нарсани емас экансизлар?! У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб берган-ку?! Магар музтар бўлганингизда, майли. Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳойу ҳаваслари ила адаштирадилар. Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир. (У зот Ўзининг ҳукмига тажовуз қилиб, ҳаром нарсаларни, Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўштини еганларни жуда яхши билади ва уларга тегишли жазони беради. Шунингдек, илмсиз, ҳавою нафснинг кўйига кириб, бу масалада ва бошқа масалаларда одамларни адаштирганларни ҳам яхши билади ва уларга ҳам тегишли жазосини беради.)
006-122 Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўладими? Шундай қилиб, кофирларга қилаётган амаллари зийнатлаб кўрсатилди. (Бу ояти каримада кофир одам ўлик ҳисобида эканлиги таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло кимни иймонга ҳидоят этса, ўша одамнинг мўмин бўлиши гўё ўликнинг қайта тирилишига тенглаштирилмоқда.)
006-123 Худди шунга ўхшаш ҳар бир шаҳарда катта жиноятчиларни унда макр қилиш учун қўйиб юбордик. Улар сезмаган ҳолда фақат ўзларига ўзлари макр қиладилар, холос. (Бу жиноятчилар катта мансабларни эгаллаб олиб, одамларни ўз йўлига солиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар. Уларнинг жинояти Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилишдир. Катта жиноятчиларнинг динга қарши қилган макр-ҳийлалари ўзларининг бошига етади. Чунки улар динга қарши чиқиш билан Аллоҳга қарши чиқадилар. Ўзининг ҳалокатига замин яратган бўладилар. Мўминларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилади.)
006-124 Агар уларга оят келса, Аллоҳнинг Пайғамбарларига берилган нарсага ўхшаш нарса бизга ҳам берилмагунча зинҳор иймон келтирмасмиз, дерлар. Ўз Пайғамбарлигини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши биладир. Жиноят қилганларга қилган макрлари учун Аллоҳнинг ҳузурида, албатта, хорлик ва шиддатли азоб бордир.
006-125 Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?)
006-130 Эй жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сизга айтиб бермадиларми, сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиз ҳақида огоҳлантирмадиларми?» дер. Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди ва ўзларига қарши кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик бердилар.
006-133 Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирадир. (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга Пайғамбарлари орқали дин–шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.)
006-136 Улар Аллоҳга Унинг Ўзи яратган экинлар ва чорвалардан насиба ажратдилар ва ўзларича: «Бу Аллоҳга, бу эса бутларимизга», дедилар. Бас, бутларига бўлган нарса Аллоҳга етмас. Аллоҳга бўлган нарса эса, бутларига етадир. Чиқарган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?! (Араб мушриклари экинлардан, чорва ҳайвонларидан Аллоҳга насиба ажратиш одатлари бор эди. Шу билан бирга, бутларига ҳам ўша экинлардан ва чорва ҳайвонларидан насиба ажратар эдилар. Агар Аллоҳга ажратган нарсалари бутларига ажратган нарсаларига қўшилиб кетса, майли, деб қўяр эдилар. Аммо бутларига ажратган насибадан Аллоҳга ажратилганига қўшилиб кетса, Аллоҳ бунга муҳтож эмас, деб қайтариб олишарди. Бу иш аслида мантиқсиз, қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, ахмоқона иш эди.)
006-137 Шунингдек, мушриклардан кўпларига шериклари уларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириш учун болаларини ўлдиришни зийнатлаб кўрсатди. Агар Аллоҳ хоҳласа, бундай қилмасдилар. Уларни ва тўқиётган нарсаларини қўйиб қўй.
006-138 Улар ўзларича: «Мана бу чорва ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина ейрлар ва мана бу миниши ҳаром қилинган чорвалар», дедилар. Улар маълум чорваларга Аллоҳнинг номини зикр қилмаслар. Бу эса, у зотга туҳматдир. У тезда қилган туҳматлари туфайли уларга жазо беражак. (Бу оятда мушрик ва кофирларнинг энг катта жиноятларидан бири–ҳалол-ҳаромни ажратишда Аллоҳнинг айтганига юрмай, ўзларича кўнгиллари тусаган ҳукмни чиқаришлари баён қилинмоқда. Аслида, ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқариш Аллоҳ таолонинг ҳаққи. Бандаларнинг бу илоҳий ҳаққа тажовуз қилиши куфрга олиб борадиган катта жиноятдир. Агар бир инсон ҳамма диний ақидаларга тўлиқ иймон келтирса, шариат кўрсатмаларига мукаммал амал қилса-ю, Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки, аксинча, ҳаром деганини ҳалол деса, кофир бўлади. Бу масала шу даражада нозик масаладир.)
006-139 Улар, мана шу чорваларнинг қорнидаги нарсалар эркакларимизга ҳалол, аёлларимизга ҳаром, дерлар. Агар у(қориндаги нарса) ўлик бўлса, улар унга шериклардир. Тезда уларга васфлари учун Ўзи жазо беражак. Албатта, У ҳикматли ва яхши билувчи зотдир.
006-141 У (ишкомларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмо ва экинларни емагини хилма-хил қилиб, зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган зотдир. Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар. Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас.
006-143 Саккиз жуфт (пайдо қилди): қўйдан иккини (эркак-урғочи) ва эчкидан иккини. Сен:«Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?! Агар ростгўй бўлсангизлар, илмий қилиб хабарини беринглар-чи?» деб айт. (Араб тилида «ал-анъом» деб номланган ҳайвонлар туркумини биз «чорва» деб таржима қилмоқдамиз. Аслида «ал-анъом» деб туя, сигир, қўй ва эчкига айтилади. Уларни жуфт–бир эркак ва бир урғочи ҳисоб қилинса, саккизта бўлади.)
006-144 Туядан иккитани, қорамолдан иккини (пайдо қилди). ен«Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?! Ёки Аллоҳ сизларга буни амр қилганда шоҳид бўлиб турганмидингиз? Илмсиз ҳолда одамларни адаштириш учун Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас». (Ҳаққингиз бўлмай туриб ҳаром ҳақида ҳукм чиқарганингиз бир гуноҳ ва ўзингизча чиқарган ҳукмни Аллоҳга нисбат беришингиз янада улканроқ гуноҳ. Қани, айтинг-чи, агар сиз таъкидлаётгандек, Аллоҳ буларни ҳаром қилган бўлса: «Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?!». Билмайсиз. Чунки гумон ва тахмин билан гапириб юргансиз.)
006-146 Ва яҳудий бўлганларга барча (бутун) туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол ва қўйдан эса, уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар орқа ва ичакларидаги ёки суякка аралашган ёғлари (ҳалолдир). Бу (ҳаром қилиш) зулмлари учун уларга берган жазоимиздир. Албатта, Биз ростгўймиз. (Демак, бу оятда зикр қилинган нарсалар фақат яҳудийларга хос бўлиб, улар қилган зулм эвазига Аллоҳ таоло томонидан жазо бўлиб келди. Бошқа қавмларга эса ҳалол. Оятда биз «(бутун) туёқли» деб таржима қилганимиз сўз, туёғи иккига ёки кўпга бўлинмаган ҳайвонлар, деган маънодадир. Бундай ҳайвонлар туя, туяқуш, ўрдак ва шунга ўхшаш оёғидаги туёғи бутун (битта) бўлган ҳайвонлардир. Ана шундай ҳайвонларни Аллоҳ таоло яҳудийларга ҳаром қилган. Шунингдек, мол ва қўйларнинг оятда истисно қилинганидан бошқа ёғларини ҳам ҳаром қилган.)
006-149 Сен:«Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди», деб айт. (Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиби қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок берди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана ўша ихтиёрга қараб жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана ўша ёмон–залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.)
006-152 Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмасмиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдики, шояд эсласангиз. (Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.
006-153 Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз. (Дунёдаги ягона тўғри йўл–Аллоҳнинг йўли. Инсон эргашмоғи лозим бўлган бирдан-бир йўл–шу йўл. Ундан бошқа йўлларнинг ҳаммаси нотўғри йўллар. Ким уларга ёки улардан бирортасига юрса, адашади. Нотўғри йўлга юрганлар Аллоҳнинг йўлидан адашган бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу нарсаларни бажаришга ҳукм қилиши ҳам бандалар тақво қилиб, тўғри йўлни топишлари учундир.)
006-154 Яна Мусога ҳам китобни, яхшилик қилганга (неъмат) батамом бўлиш учун, ҳар бир нарса батафсил бўлиши учун, ҳидоят ва раҳмат бўлиши учун бердик. Шоядки, улар Роббиларига дучор бўлишларига иймон келтирсалар.
006-155 Биз туширган бу китоб, муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар. (Қуръони Карим кўплаб етук сифатларга мушарраф китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Бу ҳақиқатни Қуръони Каримга алоқаси бўлган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса: «Бас, унга эргашинг».Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.)
006-158 Улар фаришталар келишини, ё Роббингнинг келишини ёки Роббингнинг баъзи оятлари келишини кутмоқдалар, холос. Роббингнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас. Сен:«Кутаверинглар, биз ҳам кутгувчилармиз», деб айт. («Роббингнинг баъзи оятлари»дан мурод–лол қолдирувчи мўъжизалар. Шундай талаблар қилингани ушбу суранинг аввалги оятларида ҳам бир неча марта зикр қилинган эди. Агар ояти каримага умумий ҳолни эътиборга олиб таъвил бериладиган бўлса, «фаришта»лардан мурод–ўлим фаришталаридир. «Роббингнинг келиши»–қиёмат кунининг қоим бўлиши; «Роббингнинг баъзи оятлари»–қиёмат аломатлари, демакдир.)
006-159 Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур. (Дунёда турли динларни тутганлар, динига тафриқа тушганлар кўп. Шу билан бирга, ўзлари турли гуруҳларга, фирқаларга бўлиниб олиб, тарафкашлик қилиб юрганлар ҳам кўп. Лекин сенинг улар билан ҳеч қандай алоқанг йўқ. Сенинг Аллоҳ ҳузуридан келган ва унинг ҳузурида мақбул дининг бор.)
006-163 Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман. (Бу оят мусулмон одам бутунлай Аллоҳига ажралиб чиқиши лозимлигини кўрсатади. У намозни фақат Аллоҳ учун ўқийди. Бошқа зот учун ёки бадантарбия, ахлоқий машқ, ота-онасини хурсанд қилиш учун эмас. У ибодатларини фақат Аллоҳ учун адо этади. Ҳаж қилса, рўза тутса, закот берса, Аллоҳ учун қилади. Бировнинг гапи, мақтови ёки эҳтироми учун қилмайди.)
006-164 Аллоҳдан ўзгани Роббим дейми? Ҳолбуки У ҳамма нарсанинг Роббидир. Ҳар бир жон ёмон касб қилса, фақат ўзига зиён қиладир. Ҳеч бир жон бошқанинг оғирлигини кўтармас. Сўнгра Роббиларингизга қайтишингиз бор. Бас, У сизларга ихтилоф қилган нарсаларингиз хабарини берур.
006-165 У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир. Ва, албатта, у мағфират қилувчи ва раҳмлидир», деб айт.