003-004 Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи зотдир. (Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган китобни ҳам Аллоҳнинг Ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас,Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми. )
003-007 У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. («Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муштабоҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)
003-012 Куфр келтирганларга: «Тезда мағлуб бўлурсизлар ва жаҳаннамга йиғилурсизлар, у қандоқ ҳам ёмон жой», деб айт. (Куфрнинг оқибати икки дунёнинг мағлубиятидир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда тезда мағлуб бўлишларининг, охиратда ҳам жаҳаннамга тўпланишларининг хабарини бермоқда.)
003-013 «Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришади. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир», деб айт. (Маълумки, Бадр урушида мушрикларнинг сони мусулмонларнинг ададидан уч баробар кўп эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг нусрати билан мусулмонлар ғолиб келдилар.)
003-015 «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?!–деб айт. Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир». (Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)
003-019 Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тезда қилувчидир. (Аллоҳнинг ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. Яҳудий, насроний, буддий ёки яна бошқа ҳар хил динлар Аллоҳнинг ҳузурида эътиборини йўқотган динлардир. Уларга эътиқод ва амал қилганлар бехуда юрибдилар ҳисоб. Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин, ақида ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом ақидасидир. Аҳли китобнинг келишмовчилиги илмсизликдан, жоҳилликдан эмас. Уларга Аллоҳ томонидан илм келган эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга сазоворликда ҳам ягоналигини, бандаларнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини яхши билар эдилар. Билиб туриб, ихтилоф қилдилар.)
003-020 Агар сен билан тортишсалар, сен: «Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!» деб айт. Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир. (Юз инсоннинг энг олий аъзоси ҳисобланади. Юзни Аллоҳга таслим қилиш эса, ўша юзнинг эгаси бутун вужудини Аллоҳга топширганини билдиради. Пайғамбар алайҳиссаломки ўзларига ушбу йўлни танлабдилар, у кишига эргашган умматлари ҳам албатта шу йўлни танлайдилар. Бундан бошқа гап бўлиши мумкин эмас.)
003-022 Ана ўшалар амаллари бу дунёю охиратда ҳабата бўлганлардир ва уларга ёрдам берувчилар йўқдир. (Иймонлари йўқлиги, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари туфайли баъзи қилган яхши ишлари ҳам бекор кетади. Уларга савоб ва нажот келтирмайди. Ҳамда бошларига мушкул тушган пайтда ёрдамчилар йўқдир.)
003-023 Китобдан насиба берилганларга қарамайсанми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳлари юз ўгириб ортга қайтадилар. (Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтулмидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нуъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари: «Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан?» дедилар. У зот алайҳиссалом: «Иброҳим миллати ва динидаман», дедилар. Улар: «Иброҳим яҳудий бўлган, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик», деганларида, улар бош тортдилар.)
003-027 Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт. (Кўриниб турибдики, бу икки оятда жуда ҳам улкан маънолар ўз аксини топган. Ягона Аллоҳнинг фақат Ўзига хос камолот сифатлари жамланган. Шунинг учун ҳам ушбу икки оятни кундалик вирд-вазифа сифатида ўқиб юриш тавсия қилинади.)
003-028 Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир. (Исломда бошқа диндагилар билан яхши алоқада бўлишга рухсат бор. Лекин дўст тутиш, ҳамма нарсани кофирга ишониб топшириб қўйиш мумкин эмас. Фақат бир ҳолатдагина, истисно тариқасида, юзаки равишда ўзини кофирга дўст қилиб кўрсатиши мумкин: «Магар улардан сақлансангиз». Бундай тасарруфни «тақиййа» деб аталади. Тақиййа билан жонни, молни ва номусни душманлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.)
003-030 Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини эса, у билан ўзи орасида узоқ масофа бўлишини истайдиган кунда. Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир. (У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади.)
003-036 Уни (Марямни) туққан чоқда: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва, албатта, мен сСндан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман».
003-037 Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. Ул:«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди. (Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди. Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.)
003-041 У: «Эй Роббим, менга бир белги тайинла», деди. У зот: «Сенинг белгинг, уч кун одамларга фақат ишора билан гапиришингдир. Роббингни кўп эсла ва эртаю кеч тасбиҳ айт!» деди.
Ҙӓлика Мин 'Нбӓ'и Ал-Ғайби Нӱхӥһи 'Илайка ۚ Ұа Мӓ Кунта Ладайһим 'Иҙ Йулқӱна 'Ақлӓмаһум 'Аййуһум Йакфулу Марйама Ұа Мӓ Кунта Ладайһим 'Иҙ Йаҳтаҫимӱна
003-044 Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг. (Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Улар қаламларини қуръа сифатида дарёга ташлаб, кафилни аниқлашибди. Албатта бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.)
003-046 У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла. (Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.)
003-048 Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатадир. (Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масиҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.)
003-050 Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан оят-мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.
003-051 Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу–сироти мустақимдир», дейдир. (Ийсо алайҳиссаломнинг: «...ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда.)
'Инна Маćала `Ӥсá `Инда Аллӓһи Камаćали 'Ӓдама ۖ Ҳалақаһу Мин Турӓбин Ćумма Қӓла Лаһу Кун Файакӱну
003-059 Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, бўлди. (Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)
003-061 Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин. ( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни, болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)
003-062 Албатта, бу ўзи ҳақ қиссадир. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзи азиз ва ҳаким зотдир. (Яъни, Ийсо ҳақида сенга келган қиссалар ҳақдир. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Насороларнинг Ийсо ҳам «худо» дейишлари нотўғри. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Аллоҳнинг Ўзи азиз, ҳаммадан ғолиб, биров Унга қарши чиқа олмайди. У ҳаким–ҳар бир ишни ўз ўрнида, ҳикмат билан қилади.)
003-066 Ҳой сизлар, ҳалигилар! Ўзингиз билган нарсада-ку талашдингиз, энди нимага ўзингиз билмаган нарсада талашмоқдасиз?! Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз. (Пайғамбар алайҳиссалом билан Ийсо ҳақида, шунингдек, Таврот ва Инжилда келган баъзи масалалар ҳақида тортишишган эди. Бу масалаларда уларнинг озми-кўпми илмлари бор эди. Тортишиб, ўз фикрини айтса бўлар эди. Аммо Таврот ва Инжилдан олдин ўтган ҳодисалар, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида тортишиб нима қилардилар? Фақат, талашди деган гап учунми? У нарсаларни, хусусан, Иброҳимнинг кимлигини «Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз!».)
003-068 Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир. (Аввало, «Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар», яъни ўзлари ҳаёт даврларида у кишига иймон келтириб, йўлидан юрганлар ва у киши ўтганларидан кейин ҳам эргашганлар. Яна кейин одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга ҳақлироғи Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ва у зотга иймон келтирган мўминлардир.)
003-071 Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб ҳақни яширасизлар?! (Аҳли китоблар Исломнинг ҳақлигини биладилар. Уларнинг илоҳий китобларида бу собит бўлган. Лекин улар ҳавою нафсларига учиб, куфр келтирадилар. Кўриб-билиб туриб, Исломдек ҳақ нарсани ботилга аралаштирадилар ва шу билан Исломнинг ҳақиқатини беркитмоқчи, йўқотиб юбормоқчи бўладилар. Узоқ муддат мобайнида Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлагани учун Қуръонга ўз ботилларини қўша олмадилар, лекин бошқа ҳамма нарсага қўшдилар ва қўшмоқдалар. Улар бу ғараз ила Ислом тарихи, ҳадис, Қуръон тафсири, кишилар сийрати каби илмларга ҳийла-найранг орқали турли ботилларни қўшиб келдилар. Ҳозирги кунда ҳам турли илмий номлар билан ўша қадим ишларини қилмоқдалар. Аллоҳ таоло меҳрибон, доимо уларнинг бу кирдикорларини фош этиб, ботилларини ажратиб-чиқариб турадиган уламоларни мусулмон умматига бериб туради.)
003-074 Ўз раҳматини хоҳлаган кишисигахос қилади ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир», деб айт. (Бундай усул ҳозир ҳам давом этмоқда. Аҳли китоб саналган яҳудий ва насронийлар ҳақида, улар бир нарсани чуқур тушунмаса, амал қилмайди, деган тушунча кенг тарқалган. Шу боис улардан бирортаси Исломга кирса, бутун мусулмон олами қувончдан терисига сиғмай кетади. Улар орасида Исломга холис кириб, ҳидоят топиб кетаётганлари кўп, лекин юқорида баён этилганидек, ҳийла қилиб, Исломга зарар етказиш мақсадида куннинг аввалида иймонга келиб, охирида куфрга қайтаётганлари ҳам йўқ эмас.)
003-075 Аҳли китоблардан, агар ҳисобсиз молни омонат қўйсангиз, уни сенга адо қиладиганлари бор ва бир динорни омонат қўйсанг, устида туриб олмагунингча, сенга адо қилмайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг, омийлар учун бизнинг устимизга йўл йўқ, дейишларидандир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.
003-077 Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор.
003-078 Улардан бир гуруҳлари борки, сизлар китобдан бўлмаган нарсани китобдан деб ўйлашингиз учун, китобни тилларини буриб ўқирлар. Ва: «У Аллоҳнинг ҳузуридандир», дерлар. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларлар.
003-079 Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: «Аллоҳни қўйиб менга банда бўлинглар», дейиши асло мумкин эмас. Лекин одамларга: «Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг», дейдир. (Маълумки, насоролар Аллоҳ уларга юборган Пайғамбар Ийсо алайҳиссаломни «худо» деб эътиқод қилганлар ва қиладилар. Уларга, нимага Ийсони худо дейсизлар? дейилса, ўзи айтган, бизни ибодатини қилишимизга буюрган, дейишади. Аҳли китоблар билан бўлган тортишувларда бу масала ҳам қўзғалган бўлиши турган гап. Бу мақомда ҳақиқат нимада эканлигини ушбу оят баён қиляпти.)
003-081 Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб:–Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди. (Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)
003-082 Ким бундан кейин юз ўгириб кетса, бас, ана ўшалар, фосиқлардир. (Ҳа, Муҳаммад алайҳиссаломдан, Ислом динидан фақат фосиқларгина, Аллоҳнинг тоатидан чиққанларгина юз ўгирадилар.)
003-083 Аллоҳнинг динидан бошқани хоҳлайдиларми?! Ахир хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳга бўйсуниб турибди-ку?! Ҳамда Унга қайтариладилар-ку?!! (Аллоҳнинг дини битта. Ҳамма Пайғамбарлар шу дин билан келганлар. Бир-бирларини тасдиқлаб, бир-бирларига ёрдам бериб, Аллоҳнинг динига ўз даврларида хизмат қилиб келганлар.)
003-085 Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир. (Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона Ислом динининг охирги ва мукаммал кўриниши Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган ҳақиқий Ислом динидир. Энди ундан бошқа динни истаб, ўша бошқа динда юрганлардан у динлари ҳаргиз-ҳаргиз қабул қилиб юрилмайди. Улар охиратда зиён кўрувчилар бўлади. Аллоҳ уларни ҳидоятга солмайди, балки лаънатлайди.)
003-087 Ана ўшаларнинг жазоси, уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлишидир. (Бундай лаънатга қолиш катта бадбахтлик эмасми?! Бу дунё-ю у дунёнинг барча-барчасидан бўладиган лаънатни ўзига қаратиш–жуда ҳам улкан жазо! Дарҳақиқат, Исломга кириш имкони бўлиб туриб кирмаганлар шундай жазога лойиқдирлар.)
003-097 Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ одамлардан беҳожатдир. (Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти. «Бакка»–Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғовий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.)
003-101 Аллоҳнинг оятлари сизга тиловат қилиниб турган бўлса-ю, Унинг Расули ичингизда бўлса-ю, қандай қилиб куфр келтирасиз?! Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят топган бўлади.
003-102 Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. (Яъни, Исломни ўлгунингизча маҳкам тутинг. Демак, икки асоснинг бири–дунёда иймон билан, тақводор бўлиб, Исломга тўлиқ амал қилиб ўтмоқдир.)
003-109 Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ишлар Аллоҳга қайтарилажак. (Модомики осмонлару ердаги жамики нарсалар Аллоҳники экан, уларни қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади. Бунинг устига, барча ишлар Аллоҳнинг Ўзига қайтарилади. Демак, бу дунё ва охиратнинг ягона ҳокими Аллоҳнинг Ўзидир.)
003-110 Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар. (Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири–бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.)
003-114 Улар Аллоҳга, охират кунига иймон келтирарлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қиларлар ва яхшиликларга шошиларлар. Ана ўшалар аҳли солиҳлардандир.
003-117 Уларнинг бу дунё ҳаётида қиладиган нафақалари мисоли ўзига зулм қилган бир қавмнинг экинини уриб ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилдилар. (Яхши экинзор бор. Кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо экинзорнинг эгаси зулм қилди, гуноҳкор бўлди. Шу сабабдан совуқ шамол келиб, экинларини совуқ уриб кетди. Экинзор ҳалок бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Кофирларнинг бу дунёда қилган хайр-эҳсонлари ҳам худди шунга ўхшайди. Сиртдан кўрган одамга савобли иш. Яхшиликка пул-мол сарфлаяпти. Аммо эгасининг иймони йўқ. Бу эса, катта гуноҳ. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай хайр-эҳсон қабул бўлмайди. Унга савоб берилмайди. Совуқ шамол экинзорни ҳалок қилганидек, уларнинг кофирлиги ҳам эҳсонларини бефойда қилади.)
003-119 Ҳой сизлар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизни яхши кўрмайдилар. Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у, улар сизларни кўрганда, иймон келтирдик, дерлар, аммо ҳоли қолганларида, сизларга бўлган қаттиқ аччиқларидан бармоқ тишларлар. Сен:«Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар», деб айт. Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган нарсаларни билувчидир». (Мусулмонлар соддаликлари учун ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса, бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди. Мусулмонлар Аллоҳдан тушган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга тушган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир.)
003-122 Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийсидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. (Бу ояти карима Ҳазраж қабиласига мансуб Бани Салама уруғи ва Авс қабиласига мансуб Бани Ҳориса уруғи ҳақида тушган. Улар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул хафа бўлиб: «Менинг айтганимни қилмай, ёш болаларнинг айтганини қилди», деб жангчиларнинг учдан бирини олиб Уҳуд йўлидан қайтганида, унинг фитнасига учишларига сал қолган эди. Бу эса, мусулмонлар сафининг янада заифлашишига, руҳий ва маънавий тушкунлик келтиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳали уруш бошланмай туриб бундай ишларнинг бўлиши жуда ҳам ноқулай вазиятни вужудга келтирар эди. Лекин бу тоифаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб қолди, иноятига олди.)
003-127 Куфр келтирганларнинг бир тарафини кесиш учун ёки хорлаш учун, токи ноумид бўлиб қайтсинлар. (Бадр ғазотида мушрикларнинг бошлиқларидан етмиштаси ҳалок бўлди. Бу уларнинг бир тарафидан катта кесилиш эди. Шунингдек, уларнинг катталаридан етмиштаси асирга тушди, хору зор бўлди. Қолганлари эса, шармандаларча, келган жойига қайтди.)
003-130 Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз. (Ҳофиз ибн Касир раҳматиллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.)
003-135 Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. (Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлик тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида ва мағфират бобидаги бир оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида тавба қилдим деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.)
003-136 Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
003-140 Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмайди. (Яъни, бир ундай, бир бундай бўлиб туради. Агар иш бир хилда тураверса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Доимо мусулмонлар ғолиб келаверса, ҳамма ўзини мусулмон деб эълон қилиб юборади. Оқибатда ҳамма аралашиб кетиб, ким ҳақиқий мўмин-мусулмон, ким юзаки эканини одамлар била олмай қоладилар. Қийинчилик, оғир ҳолатларда мўминлар мунофиқлардан ажраб чиқадилар. Шу билан бирга, мўминлар ичида янада олимақомлари–шаҳидлари ҳам ажраб чиқадилар. («Шаҳид»ларнинг иккинчи маъноси гувоҳлардир.))
003-143 Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз. (Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғозот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)
003-144 Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар. (Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни, Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)
003-145 Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз.
003-149 Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз. (Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
003-150 Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир! (Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)
003-152 Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир. (Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилишоқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)
003-154 Сўнгра, ғамдан кейин, сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен:«Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик, дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўкракдаги нарсани ҳам билувчи зотдир», деб айт. (Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, ҳатто фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда: Бу тоифа–иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар. Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.)
003-156 Эй иймон келтирганлар! Куфр келтирганларга ва ер юзида юрган ва ғозий бўлган биродарлари ҳақида, агар бизнинг ҳузуримизда бўлганларида ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар, дейдиганларга ўхшаманг. Буни Аллоҳ қалбларида ҳасрат қилиши учун айтадилар. Аллоҳ тирилтиради ва ўлдиради, Аллоҳ қилган амалларингизни кўрувчи зотдир.
003-160 Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар.
003-161 Пайғамбарга хиёнат ҳеч тўғри келмас. Кимки хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон касбига яраша тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас. (Биринчи марта мусулмонлар Бадр урушида ўлжа олдилар. Ўша ўлжа ҳақида мунофиқлар иғво тарқатишди. Бу иғволар орасида шундай ёлғон хабар ҳам бор эдики, у бўхтонга кўра, гўё Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлжаларни ғалул сифатида, яъни, махфий равишда, беркитиб олганмишлар. Жумладан, Бадр урушида тушган ўлжадан бир тўп олтин йўқолганида ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни айблашди, у кишидан гумон қилишди. Уҳуд урушида эса, камончиларнинг жойларини ташлаб кетишларига ўлжа дарди сабаб бўлган эди. Ушбу оятда мазкур туҳматомуз шубҳа-гумонлар жуда кескинлик ила рад этилмоқда. Нафақат Муҳаммад алайҳиссалом, балки умуман барча Пайғамбарларга хиёнат буткул ёт хислат экани очиқ айтилмоқда:)
003-164 Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У аларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатадир. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам.
003-167 Ва мунофиқлик қилаётганларни билиш учун етди. Ва уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар ёки мудофаа қилинглар», дейилди. Улар «Агар жанг бўлишини аниқ билсак, сизга эргашардик», дедилар. Улар ўша кунда иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Тиллари билан дилларида йўқ нарсани айтадилар. Аллоҳ беркитаётган нарсаларини яхши билувчи зотдир.
003-168 Улар ўз биродарларига ва (урушга чиқмай) ўтирганларга: «Агар бизга итоат қилганларида қатл қилинмас эдилар», дейишди. Сен: «Агар гапингиз рост бўлса, ўзингиздан ўлимни қайтариб кўринг-чи», деб айт. (Мунофиқлар ўз биродарларига ва урушга чиқмай уйда ўтирганларга ўзларини ҳақ кўрсатиб, айбни жанг қилганларга ағдара бошладилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига итоат қилганлари хатолик бўлган. Агар мунофиқларга итоат қилганларида тўғри бўлар эмиш. Бу даъво тагида ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини инкор этиш ётади.)
003-170 Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан ўзларига қўшилмаган биродарларига, уларга хавф йўқлигини ҳамда хафа ҳам бўлмасликларининг хушхабарини бермоқдалар.
003-171 Улар Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслигининг хушхабарини бермоқдалар. (Ушбу оятлар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб қурбон бўлган бандалари мақомларининг баёнидир. Уларни «ўликлар» деб ҳисобламасликка амр, улар тирик эканликлари ва Роббилари ҳузурида ризқланаётганларининг хабаридир. Демак, шаҳидлар ҳақидаги тасаввур шундай бўлиши керак.)
003-173 Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. (Яъни, ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга қарши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига, иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга, «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) ўз саҳобаларидан бирига: «Бошингга оғир иш тушганда, «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл» дегин», деганлар.)
003-175 Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитади. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар. (Яъни, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.)
003-178 Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир.
003-180 Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. (Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.)
003-184 Агар сени ёлғончи қилсалар, сендан олдин очиқ-ойдин баёнотлар, ҳикматли китоблар ва нурли китоблар билан келган Пайғамбарларни ҳам ёлғончи қилганлар.
003-185 Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас. (Қиёмат кунида заррача яхшилик ҳам, заррача ёмонлик ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар бир инсонга қилганига яраша мукофот ёки жазо тўлиғича берилади. Ана ўшанда ҳақиқий ютуққа эришган киму мағлубиятга учраган ким экани маълум бўлади.)
003-186 Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир. (Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса, шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.)
003-187 Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон! (Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)
003-193 Роббимиз биз нидо қилувчининг, Роббингизга иймон келтиринг, деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.
003-194 Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмайсан», дерлар. (Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатга олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади. Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.)
003-197 Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ! (Бу дунёнинг қизиқ ишларидан бири шуки, мўминлар, аброрлар азоб-уқубатга дучор бўлиб, юртларидан ҳижрат қилиб чиқиб ёки ҳайдаб чиқарилиб ёки қамоқларга ташланиб, Аллоҳнинг йўлида азиятлар чекиб турган бир пайтда, кофирлар кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезадилар. Ҳаммага ўзларини кўз-кўз қиладилар. Бу ҳолат мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин. Ушбу оят ана шунақа алдовга берилиб қолмасликни мўминларга Пайғамбар (с.а.в.) орқали тайинламоқда.)
003-198 Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳдан зиёфатдир. Аллоҳ ҳузуридаги нарса аброрлар учун яхшидир.
003-200 Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз. (Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари курашида мўминларнинг сабри ғолиб келиши керак. Буни шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади. Биз «курашга бел боғлаб туринг» деб таржима қилган ибора эса, «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини беради.)